Референдум — 2023

Путин Мирзиёевни референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади

Россия етакчиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишига умид билдирган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Конституция бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани муносабати билан самимий тарбриклади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.
Табрикда ёзилишича, умумхалқ овоз бериш натижалари давлат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон раҳбари томонидан олиб борилаётган ишлар кенг қўллаб-қувватланаётганини тўлиқ тасдиқлади.

“Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишидан келиб чиқамиз”, - дейилади Россия президенти мактубида.

30 апрель куни Ўзбекистонда мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи қатнашган. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини овоз берганларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қувватлаган.
МСК қарори билан Ўзбекистон Конституциявий қонуни 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган деб ҳисобланди ва 1 майдан кучга кирди.