ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги конституциявий қонуни 1 майдан кучга кирди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) хабар берди.
МСК қарори билан Ўзбекистон Конституциявий қонуни 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган деб ҳисобланган.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради", - дейилган хабарда.
Референдум якунлари расмий эълон қилинган куни қарор ижросини ташкил этиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилади.
1 май куни МСК Ўзбекистонда ўтган референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасини референдумда овоз берганларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қувватлаган. Референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи қатнашган.