ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йил 1 июлгача “Техникалар техник кўриги” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади. Бу 29 апрель куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 майдан жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари мажбурий йиллик техник кўрикдан ўтказилади.
2023 йил 1 сентябрдан юридик шахс бўлган тадбиркорлар жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
2023 йил 1 августдан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида харидорларга сотилган янги техникалар учун “Ҳисоб-маълумотнома” бериш амалиёти жорий этилади.