Жапаров Мирзиёевни референдумнинг муваффақиятли натижалари билан табриклади

Минтақавий ҳамкорлик масалалари, шу жумладан жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистонда ўтказиладиган кўп томонлама саммитга тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз республикаси президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Жапаров Мирзиёевни Конституция бўйича референдумнинг муваффақиятли натижалари ва ушбу тадбир юксак халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилгани билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Саноат кооперацияси бўйича йирик лойиҳаларни илгари суришда амалий натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
Икки қардош халқларни яқинлаштиришда Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани ва Қўқон шаҳрида талабалар спартакиадаси ўтказилгани муҳим аҳамиятга эга.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат оқсоқоллари ва ёшлари иштирокидаги Авлодлар мулоқотига пухта тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари, шу жумладан жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистонда ўтказиладиган кўп томонлама саммитга тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.