Соледардаги улкан ер ости қурол-яроғ омбори — эксклюзив видео

Соледарда стратегик муҳим ҳарбий объект, миллионлаб дона қуроллар сақланаётган омборхона Россия аскарлари қўлига ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. "Вагнер" жангчилари ДХРнинг Соледар шаҳри яқинидаги совет давридан қолган улкан қурол-яроғ омобини илк бор кўрсатди.
Маълум бўлишича, омборхона январь ойида Россия аскарлари қўлига ўтган, лекин унинг кириш қисми портлатиб юборилгани туфайли унга киришнинг иложи бўлмаган.
Соледар шаҳрида 100 йилдан ортиқ вақт давомида туз қазиб олинган. Собиқ Иттифоқ даврида барча республикаларга ош тузи айнан шу ердан етказиб берилган. Ушбу фаолият натижасида ер остида кенглиги 17 метр баландлиги 50 метр бўлган улкан бўшлиқлар пайдо бўлган. Улар бир бири билан туннеллар орқали боғланган, туннеллар узунлиги 200 дан 300 км гача бўлган.
Совет Иттифоқи 1960 йилларда Парасковиевка қишлоғи яқинида энг йирик ўқотар қуроллар омборхонаси ташкил қилади. У ерда асосан Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тўпланиб қолган совет, немис ва америкада ишлаб чиқарилган пистолет, милтиқ ва пулемётларни, шунингдек, миллионлаб дона янги 7,62 мм Калашников автоматлари сақланади.
Украина шарқида можаро бошланганидан кейин украиналик ҳарбийлар у ерда сақланаётган қуролларни олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 2022 йил июль ойида Украина ҳарбийлари қурол-яроғ омборларини портлатгани ҳақида хабар берилган эди.
Январь ойида "Вагнер" гуруҳи Соледарни озод қилди ва ушбу ҳудудда назоратни ўз қўлига олди. Маълум бўлишича, украиналик ҳарбийлар омборнинг фақат кириш қисмини портлатган, қурол-аслаҳа сақланаётган туннелларга зарар етмаган.

“Улар ўзларига керакли қуролларни олиб чиқиб, қолган омборларни йўқ қилиш учун миналаштирган. Бунда улар ёндирувчи бомбалардан фойдаланган, яъни портлаш содир бўлганда, бу ердаги қуроллар ёниб кетиши керак бўлган. Лекин украиналик сапёрлар хатоси туфайли фақат кириш қисми портлаган ва симлар узилган, ичкаридаги бомбалар портламай қолган", - деди жангчи.

Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, Украина армияси қуролларнинг бир қисмини олиб етганига қарамай, омборларда ҳали ҳам катта миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар қолмоқда.
Соледар Киев учун стратегик аҳамиятга эга эди, у Артёмовск-Северск мудофаа чизиғининг марказида жойлашган эди. Бу ерда Украина ҳарбийлари кучли мудофаа истеҳкомларини қурдилар. Соледарнинг озод қилиниши Артёмовск ва Северск ўртасидаги тўғридан-тўғри таъминот йўлини узиб қўйишга, шунингдек, Артёмовскни шимол томондан қамраб олишга имкон берди.