ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Овоз берувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистонда референдум ўтган деб топилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
"Овоз берувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистонда референдум ўтган деб топилади. Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади", деди МСК раиси.
Қайд этилишича, референдум якунлари бўйича қабул қилинган қарор референдум ўтказилгандан кейин кўпи билан 10 кун ичида эълон қилинади.
Референдум ўтказувчи участка сайлов комисссиясининг хатти-ҳаракатлари ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда фақат судга шикоят қилиш мумкин.