ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ироқда 44 нафар ўзбекистонлик маҳкума аёллар президентга мурожаат қилганди. Бош прокуратура уларнинг мурожаати юзасидан расмий маълумот берди.
Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг сўзларига кўра, бу аёллар ИШИД террорчилик ташкилоти аъзолари бўлган.
Улар 2017 йилда Ироқ расмийлари томонидан ҳибсга олинган. Улардан тўрт нафари умрбод, қолганлари эса 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар ҳозирда Ироқнинг “Росафа” қамоқхонасида сақланмоқда.
“Ушбу қамоқхонадаги шароит қониқарсиз бўлгани учун 2019 йилда Ироқ ҳукумати билан келишувга асосан, маҳкума аёлларнинг 64 нафар фарзанди Ўзбекистонга олиб келинган. Улар яшаш жойидаги қариндошлари қарамоғига, шунингдек, меҳрибонлик уйларига топширилган”, дейилади хабарда.
Энди бу аёллар Шавкат Мирзиёевдан ватанига қайтишда ёрдам беришни сўрашди.
Бош прокуратура аёллар жазо муддати тугагандан кейингина Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини қайд этди.