ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон чарм-пойабзал соҳасидаги ҳамкорликнинг қатор йўналишларини белгилаб олди, дея хабар берди “Ўзчармсаноат” уюшмаси.
“Ўзчармсаноат” уюшмасида Қозоғистоннинг саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Марат Карабоев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташрифдан кўзланган мақсад чарм-пойабзал соҳасидаги мавжуд йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат.
Мулоқотда томонлар икки мамлакат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилишди. Таъкидланишича, лойиҳалар, биринчи навбатда, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирини таъминлашга йўналтирилади.
“Ушбу мақсадлар учун Қозоғистон янги қўшма корхоналарни қуриш ва ишга тушириш учун миллий валюта тенгеда имтиёзли давр билан 7 йил муддатга йиллик 3 фоизли кредит маблағларини ажратишга тайёрлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.
Томонлар Ўзбекистондан Қозоғистонга пойабзал етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш имкониятларини ҳам муҳокама қилишди.
“Биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатдан қўшни республикага 28 миллион долларлик пойабзал етказиб берилди. Бу тахминан 7,8 миллион жуфт пойабзал дегани. Олдиндаги режа бу рақамларни янада ошириш”, - дейилади хабарда.
Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири қўшни республикада етарлича катта хомашё базасига эга бўлишига қарамасдан, бугунги кунда йирик ва майда шохли қорамол териси, шунингдек, жунни қайта ишлаш учун зарур қувватлар етарли эмаслигини таъкидлади.
Шу тариқа, Қозоғистондан олинган хомашёни Ўзбекистон корхоналарида чуқур қайта ишлаб, ундан юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш таклиф этилмоқда.
Бу борада мамлакатда салмоқли тажриба тўпланган:
Ўзбекистонда 60 га яқин терини қайта ишлаш корхонаси мавжуд;
Мамлакатда йилига 2 миллиард кв.дмдан ортиқ чарм ишлаб чиқарилади;
Йилига 500 минг тоннадан ортиқ жун қайта ишланади.
Бу кўрсаткичларни Қозоғистондан келтирилган хомашё ҳисобига янада ошириш имконияти мавжуд. Қўшма лойиҳаларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Маҳсулотлар ҳамкорликда МДҲ давлатлари ва Европага экспорт қилинади.