ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон пойтахтларида савдо уйларини очиш бўйича кооперация лойиҳалари тезлаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Тошкент инвестиция форуми дастури доирасида Шавкат Мирзиёев Ақилбек Жапаровни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон-Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигига оид амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.
“Давлат раҳбари автомобилсозлик, энергетика, транспорт инфратузилмаси, пойтахтларда савдо уйларини очиш бўйича кооперация лойиҳаларини тезлаштириш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мамлакатлар ўртасида жадал мулоқотлар давом эттирилмоқда, муҳим иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда ҳудудлар форуми ва Авлодлар учрашувини ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Маълумот учун, яқинда Ўш шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги театрнинг янгиланган биноси тантанали очилди. Қўқон шаҳрида эса спортчиларнинг спартакиадаси муваффақиятли ўтказилди.