Мирзиёев Осиё футбол конфедерацияси раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон ва конфедерация ўртасида сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилаётганига алоҳида мамнуният билдирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Осиё футбол конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қитъа конфедерацияси президенти лавозимига қайта сайлангани билан самимий қутлаб, Осиёда ушбу спорт турини оммалаштиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини қайд этди.
Ўзбекистон ва конфедерация ўртасида сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилаётганига алоҳида мамнуният билдирилди.
Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Ўзбекистонда ҳаваскор ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва ўқитиш базасини барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади. Мамлакатда ёшлар ўртасида Осиё чемпионатлари муваффақиятли ўтказилгани ва яқинда миллий терма жамоа ғалаба қозонгани билан чин дилдан табриклади.
Учрашув давомида Осиё футбол конфедерацияси билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, йирик тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш, ушбу спорт турини оммалаштириш, илғор тажрибани жорий қилиш ва методологик ёрдам кўрсатиш, мураббийларнинг малакасини ошириш масалалари кўриб чиқилди.