ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассирни қабул қилди.
Учрашувда янги ўрта муддатли шериклик дастури доирасида Банк гуруҳи билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирда қўшма лойиҳалар портфели иқтисодиётнинг қатор тармоқларини қамраб олган ҳолда 1,3 миллиард доллардан ошган.
“Форум доирасида қишлоқ ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимлар имзоланди”, дейилади хабарда.
Учрашувда эътибор қаратилган масалалар:
Амалий ҳамкорликни ривожлантириш;
Тадбиркорлик ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш;
Молиявий воситаларни такомиллаштириш;
Банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилиш борасида аниқ лойиҳаларни илгари суриш;
Мамлакатнинг ЖСТга қўшилиши ва инновацион экотизимни яратиш масалаларида техник кўмакни кенгайтириш.