Умурзоқов Санкт-Петербург делегацияси билан учрашди

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва кенг кўламли ҳамкорлик ҳудудлар миқёсида ҳам самарали олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Санкт-Петербург шаҳри вице губернатори Кирилл Поляков бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Умурзоқов икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва кенг кўламли ҳамкорлик ҳудудлар миқёсида ҳам самарали олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Умурзоқов Тошкент шаҳрининг Санкт-Петербург билан алоқалари серқирра эканлигига тўхталиб, савдо-сотиқ, саноат, таълим, маданият, туризм, қурилиш, замонавий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик қатори қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, икки томон тадбиркорлари ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро самарали бўлган иқтисодий йўналишларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Санкт-Петербург Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси раиси Евгений Григорьев бу учрашув Тошкентда йирик ва нуфузли халқаро тадбир – “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ўтказилаётган кунларда бўлиб ўтаётгани ҳам аҳамиятли эканлигини қайд этди. Ўзбек халқининг иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган мардлиги, жасорати, бағрикенглиги учун питерликлар Ўзбекистонни алоҳида қадрлашини билдирди.
У турли соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва тараққий эттиришда Тошкент шаҳри делегациясининг Санкт-Петербургга ташрифи аҳамиятли бўлишини таъкидлаб, ҳокимлик делегациясини Петербургга таклиф этди.

Санкт-Петербург шаҳри вице губернатори Кирилл Поляков йўл-транспорт соҳасида амалга оширилган ишлар, хусусан, аҳолини сифатли транспорт хизмати билан таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш самаралари ҳақида маълумот берди.

Учрашувда қурилиш ва коммунал хўжаликда қўлланилаётган янги техника ва технологиялар борасида ҳам фикр алмашилди.
Томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдиришди.