ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти тафсилотларини маълум қилди.
Таъкидланишича, мулоқот чоғида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо муносабатлари суръатини таъминлаш ва етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат етакчилари шу кунларда ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижаларини катта мамнуният билан қайд этишди.
Ушбу тадбирда 35 мамлакат бизнесининг 5 минг нафардан зиёд вакили иштирок этмоқда.
Суҳбат чоғида автомобилсозлик, темир йўл транспорти, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Саноат ипотекаси, кластерлар, индустриал ривожланиш жамғармаси каби воситаларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани ўрганишдан манфаатдорлик билдирилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот якунида Мирзиёев Конституция бўйича бўлажак референдумнинг Россия ҳудудида ўтказилишига кўрсатилаётган кўмак учун Россия президентига самимий миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилгани хабар қилинган эди.