ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Россиянинг Чувашия республикаси Новочебоксарк шаҳри ва Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Чувашия республикаси маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди.
Тегишли битимни “Иннопром. Марказий Осиё” - учинчи халқаро саноат кўргазмаси доирасида Чувашия республикаси раҳбари Олег Николаев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов имзолади.
“Битим ҳар икки минтақа учун маълум имкониятларни очадиган катта, кўп қиррали йўлнинг бошланишидир. Ишончим комилки, бизда қизиқарли қўшма лойиҳалар ва амалга ошириш учун ғоялар бўлади”, - дейди Олег Николаев.
Биродар шаҳар мақомини мустаҳкамлаш кенг сармоявий ҳамкорликни, Новочебоксарск ва Қарши шаҳарларида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, туризм алоқаларини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Бундан ташқари, томонлар турли соҳалардаги ҳамкорликка қизиқиш билдирди.
“Савдо-иқтисодий, саноат, ижтимоий соҳалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тракторсозлик соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдик. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат халқлари ўртасидаги конструктив мулоқот, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстликнинг асосий элементидир”, - дея қўшимча қилди Николаев.
Шунингдек, у Ўзбекистонга пиёз тўплами етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди. Ўз навбатида Муротжон Азимов Чувашия республикасидан картошка етказиб бериш ва чуваш тракторларини йиғиш масаласига қизиқиш билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда “Иннопром. Марказий Осиё” - учинчи халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 300 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсадлари – соҳадаги энг илғор технологиялар ва ишланмаларни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон саноат корхоналари ва бошқа мамлакатлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Инвестицион битимлар ва савдо шартномаларининг мустаҳкам пакети имзоланиши кутилмоқда.