Иннопром — 2023

Путин: ўтган йили Ўзбекистон билан товар айирбошлаш 25 фоиздан зиёдга ошди

Россия президенти “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси иштирокчиларига табрик йўллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Москва ва Тошкент 2022 йилда ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини 25 фоиздан зиёдга оширди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси иштирокчиларига йўллаган табригида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Россия раҳбари табригини мамлакат бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ўқиб эшиттирди.
“Марказий Осиё бой табиат ресурслари ва улкан инсоний салоҳиятга эга. Минтақавий жараёнлар ва иқтисодий кооперация ғоят юқори суръатни намойиш этмоқда. Шу жиҳатдан мамлакатлар – кўргазма ташкилотчилари Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ривожланиши суръатларини яққол мисол. Ўтган йил якунларига кўра икки томонлама товар айирбошлаш 25 фоиздан зиёдга ошди”, - деди Путин.
Россия етакчиси у кўргазма давомида мамлакатлар ўзаро тажриба алмашиши, савдо-иқтисодий, саноат ва инвестиция ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилиши ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни режалаштириши ва янги шерикчилик алоқаларини ўрнатишига ишонч билдирган.
24-26 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” МКК майдонида учинчи бор “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма бу йил нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан сармоявий иқтисодий ва саноат истиқболлари кун тартибини очиб беради.
Кўргазмада иштирок этиш учун МДҲ давлатлари, Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, Сингапур, Хитой, Япония, Арманистон, Қозоғистон, Туркия ва Туркманистондан 5 мингдан ортиқ делегатлар, шунингдек, 300 дан ортиқ хорижий компаниялар, бизнес вакиллари ва ҳукумат амалдорлари рўйхатдан ўтган.
Тадбирнинг асосий мақсадлари – соҳадаги энг илғор технологиялар ва ишланмаларни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон саноат корхоналари ва бошқа мамлакатлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Салмоқли инвестицион битимлар ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Иннопром — 2023
Иннопром форуми чуқур иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш учун самарали майдон — Мирзиёев