ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Тошкентда ер усти ҳалқа метро йўлининг иккинчи босқичи доирасида қуриб битказилган 5 та бекатда йўловчиларни ташиш бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Қўйлиқ – Қурувчилар” участкасида қурилиш ишлари тугатилган 5 та бекат умумий узунлиги 7,74 километр.
Шундай қилиб, Тошкент метрополитенининг бекатлари сони 48 тага етди. Ер усти метроси қурилишининг иккинчи босқичи тўлиқ якунланиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади.
2020 йил августда Тошкент ер усти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши очилди.
Ҳозир лойиҳанинг 3,8 км узунликдаги 2 та бекатни ўз ичига олувчи "Қурувчилар–Қипчоқ" қисмида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўйлиқ – Сергели йўналишида қурилган 5 та бекатда синов тариқасида поездларнинг техник қатнови бошлангани хабар қилинган эди.