ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Ўзбекистон Россиянинг “Газпром нефть” компанияси билан 300 минг тонна нефт етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Давлат томонидан тартибга солиш бош бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Убайдуллаев маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Адҳамжон Убайдуллаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда атиги 51,5 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқарилган. Ушбу кўрсаткич бўйича республика дунёнинг биринчи 20 талигига киради ва бу ҳажмда Россия капитали иштирокидаги компаниялар, корхоналарнинг улуши 30% дан ортиқ (15 миллиард куб метр)ни ташкил этади.
Республика нефт-газ саноатининг энг йирик инвестори “Лукойл” компанияси бўлиб, у “маҳсулот тақсимоти бўйича келишувлар” асосида амалга оширилган иккита лойиҳага 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.
Жорий йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш режалаштирилган. Россия капитали иштирокидаги компанияларнинг улуши эса 30% даражасида қолмоқда.
“Бу биз Россия компаниялари билан бу борада жуда яқин алоқалар ўрнатганимиздан далолат беради. “Газпром нефт” билан 300 минг тонна нефт етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. "Татнефт"да аллақачон учта ёқилғи қуйиш шохобчаси мавжуд. Биз улар билан Ўзбекистонда фаолиятни кенгайтириш масалаларида ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”, - дейди у.
Айтилишича, улар билан Ўзбекистондаги иккита йирик заводдан бири бўлган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилишда иштирок этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон нефт-газ ва кимё саноати учун ишлаб чиқариш ва таъмирлаш ҳамда сервис ишларини маҳаллийлаштиришдан манфаатдор.