ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Татаристон раҳбари Рустам Миннихановни қабул қилди.
Учрашувда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан:
иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишбилармонлар ўртасидаги истиқболли шериклик лойиҳалари,
Ўзбекистон ҳудудларида янги индустриал паркларни очиш ва мавжудларини ривожлантириш,
кичик бизнес ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамда коммунал тармоқларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида мустаҳкам иқтисодий-гуманитар алоқалар ўрнатилган ва улар изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, Миннихановнинг мазкур ташрифи давомида янги лойиҳага – Жиззах вилоятида технопарк барпо этишга старт берилди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, нефть-кимё ва машинасозлик тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Қозон федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали фаолияти кенгайтирилмоқда.
Шу билан бирга, шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ишида Россия ишбилармон доиралари делегацияси таркибида Татаристоннинг компания ва корхоналари фаол иштирок этмоқда.