ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Татаристон раҳбари (раиси) Рустам Минниханов амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Уни Тошкент аэропортида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов кутиб олди.
© Пресс-служба раиса Татарстана / MARSEL BADYKSHIN
“Татаристон делегациясининг асосий мақсади – “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш. Тадбирда республикадан 70 тага яқин компания қатнашади. Кўргазма мажмуасида Татаристон стенди ташкил этилган”, - дейилади Минниханов матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, Рустам Минниханов Қозон Федерал университети Жиззах филиалидаги янги Тиббиёт таълим марказига ташриф буюради, “Жиззах” технопарки очилишида қатнашади. Татаристон раҳбари ташриф доирасида қатор расмий учрашувлар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиши хабар қилинган эди.