Россия Боку ва Ереванни зудлик билан келишувларга риоя қилишга чақирди

Москва Қорабоғда ўт очишни бас қилиш режими бузилиши кўпайганидан ўта хавотирда эканини билдирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Россия Озарбайжон ва Арманистонни зудлик билан мавжуд келишувларга қайтишга чорлайди, Москва Қорабоғда ўт очишни бас қилиш режими бузилиши кўпайганидан ўта хавотирда. Бу ҳақда Россия ТИВ баёнот берди.
“Ўт очишни бас қилишнинг бузилиши сони ўсишини ўта хавотир билан қайд этамиз. <...> Томонларни зудлик билан мавжуд келишувларга қайтишга чақирамиз”, - дейилади расмий баёнотда.
Россия ТИВ Озарбайжон ва Арманистонга ҳар қандай даражада ёрдам кўрсатишга ҳозирлигини маълум қилган.
“Ҳар қандай ҳолатда маҳаллий аҳоли жабрланмаслиги ва улар ҳаёт фаолиятига бирор бир тўсиқлик яратилмаслиги шарт ва зарурлигидан келиб чиқамиз”, - дейилади хабарда.
Москва Озарбайжон ва Арманистон оммавий майдонида айблов ва агрессив оҳанг ўсиб бораётганини хавфли деб ҳисоблашини таъкидлаган. Шунингдек, Россия, Озарбайжон ва Арманистон етакчиларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотлари асосий низомларини бузувчи, жумладан, Лочин йўлаги иши режимини ўзгартиришга оид ҳар қандай бир ёқлама чораларни номақбул деб билади.
Россия ТИВ Боку ва Ереван сиёсий иродасини кўрсатиб, салбий ҳаракатларни енгиб ўтишига умид билдирган.
Куни кеча Озарбайжон Давлат чегара хизмати Арманистон билан чегарада Лочин йўлагидаги Степанакерт (Ханкенди) йўли бошида назорат-ўтказиш пунктини ўрнатди. Боку буни хавфсизликка бўлаётган таҳдидлар ҳамда Арманистоннинг йўлдан ноқонуний фойдалангани билан тушунтирди. Ереван бу 2020 йилдаги уч томонлама баёнотга зид эканини таъкидламоқда.