Тошкентдаги конкур бўйича турнир Ўзбекистон чавандозларининг ғалабаси билан якунланди

Баландлиги 150 смни ташкил этган тўсиқлардан сакраш йўналишида барча совринли ўринлар ўзбекистонлик чавандозларга насиб этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Евросиё лигасининг Гран-при дастури Ўзбекистон чавандозларининг ғалабаси билан якунланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Тошкентда конкур бўйича “Eurasia league Tashkent 2023” турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида спортчилар асосий йўналиш ҳисобланган Гран-при дастурида баҳс олиб боришди.
Баландлиги 150 смни ташкил этган тўсиқлардан сакраш йўналишида барча совринли ўринлар ўзбекистонлик чавандозларга насиб этди. Беллашувлар якунида олтин медални ўзбекистонлик тажрибали чавандоз Бекзод Қурбонов қўлга киритди. “Matts V.G.” тулпорида иштирок этган Қурбонов масофани 90,93 сония ичида жарима очколарисиз босиб ўтишга муваффақ бўлди.
1. Бекзод Қурбонов (Ўзбекистон) – “Matts V.G.”;
2. Саидамирхон Турғунбоев (Ўзбекистон) – “Calleko”;
3. Нуржан Туякбаев (Ўзбекистон) – “Quintus HB”.
Мусобақанинг яна 3 босқичида ҳам ўзбекистонлик спортчилар ғалаба қозона олишса, яна бир бор келаси йил ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичига йўл олишади.
Мусобақанинг иккинчи босқичига ҳам Тошкент мезбонлик қилади, беллашувлар 27-30 апрель кунлари ўтказилади.