ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Сурхондарёда тадбиркор 40 та эҳтиёжманд оилага уй ҳадя қилди. У номини очиқламасликни сўради, дея хабар берди ЎзА.
Шеробод туманида эҳтиёжманд хотин-қизлар, кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар учун 40 хонадонга мўлжалланган иккита беш қаватли уй фойдаланишга топширилди.
“Ота-онамдан эрта ажралиб, момом ва амакиларим қўлида камолга етдим. Ёлғиз фарзандман. Талаба бўлганим учун талабалар ётоқхонасида яшаётган эдим. Шундай кенг, ёруғ уйга бепул эгалик қилишни тасаввур ҳам қилолмас эдим. Рамазон ҳайити куни янги уйли бўлганимдан қувончим чексиз”, дейди Камола Ҳасанова.
Иккита кўп қаватли уйдаги хонадонлар икки ва уч хонали бўлиб, янги уй эгалари кириб яшашлари учун барча шароит яратилган.
Мазкур уйларни фуқароларга ҳадя қилган тадбиркор ўтган йили ҳам тумандаги 27 та кам таъминланган уй-жойга муҳтож оилага коттеж уй қуриб, ҳадя қилган.