ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. 17 апрель куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Хитойнинг “State grid - CET” компанияси президенти Ю Жун ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Хитой компанияси президенти Ўзбекистонда юқори кучланишли тармоқлар ва подстанцияларни лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш ва тайёр ҳолда топшириш шартлари асосида қуриш масаласини ўрганиб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича битимни имзолади.
Қайд этилишича, компания Осиё, Африка, Жанубий Америка, Яқин Шарқ, Европа ва бошқа минтақаларда 40 дан ортиқ мамлакатлар билан лойиҳаларни амалга оширади. Компания лойиҳалаш, қурилиш, таъминот ва техник хизмат кўрсатиш бўйича жами 200 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширган.
Компания юқори ва паст кучланишли тармоқлар, подстанция ва генерация қувватларини қуришга асосий эътиборини қаратиб, Хитойнинг 26 провинциясида 1,1 млрд аҳолини (аҳолининг 83%) электр билан таъминлайди.