ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази маълум қилди.
Қайд этилишича, хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астраномия институтидан олинган маълумотларга кўра, 2023 йил Рамазон ҳайити куни, яъни Шавволнинг янги ой фазаси шу йил 20 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да, Саудия Арабистони вақти билан эса 07:12 да содир бўлади.
Астраном олимлар хулосасига кўра, шу куни Шаввол ойи ҳилоли Ўзбекистон ҳудудида кўринмаса-да, лекин дунёнинг айрим минтақаларида кўриш мумкин бўлади.
Шаръий масалалар ва астрономик ҳисоб-китобларга таянган ҳолда 1444 ҳижрий йил Шаввол ойи ҳилоли милодий 2023 йил 20 апрель куни Ер юзининг айрим ҳудудларда кузатилади.
“Шу боис Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатларда жорий йил 21 апрель, жума куни Рамазон ҳайити деб эълон қилинди.
Хабарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши 20 апрель куни мамлакатда Рамазон ҳайити қачон нишонланиши борасида якуний хулосалари тақдим этиши қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишчи гуруҳ Ўзбекистонда Рамазон ҳайити қачон бўлишини аниқлаётганини хабар қилинган эди.