ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Татаристон раҳбари (раиси) Рустам Минниханов 24-25 апрель кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташриф давомида у “Иннопром” ишида, Жиззахда технопаркни ишга туширишда, шунингдек, Қозон Федерал университети Жиззах филиалида Тиббиёт таълим маркази очилишида иштирок этади. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги вакили Айдар Ахтареев маълум қилди.
24-26 апрель кунлари Тошкентда “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси бўлиб ўтади. Тадбирда Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 300 дан ортиқ компания иштирок этади.
Кўргазмада 50 дан ортиқ корхона Татаристонни намойиш этади. “Иннопром”нинг очилиш маросимида Россия Федерацияси бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров сўзга чиқади.
Минниханов ташриф буюрадиган “Жиззах” технопарки “Химград” тажрибаси асосида амалга оширилган иккинчи рус-ўзбек майдонига айланади. Биринчи “Чирчиқ” технопарки 2022 йил март ойида ташкил этилган.
Жиззахдаги янги технопаркда 36 тадан кам бўлмаган резидент компанияни жойлаштириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Рустам Минниханов Жиззахда Қозон Федерал университети филиалининг очилишида иштирок этган эди. Бу ерда дастурий инжиниринг, геология, иқтисод, машинасозлик ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади.