ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) кузатувчилари 27 апрель куни Ўзбекистонда ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда МДҲ ПАда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
МДҲ ПА кузатувчиларининг Ўзбекистон МСК раҳбарияти ҳамда Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари округ комиссиялари иштирокидаги онлайн учрашуви бўлиб ўтди.
© t.me/CISLive
Йиғилишда МДҲ ПА Кенгаши бош котиби Дмитрий Кобицкий Ўзбекистонда референдум бўйича Ассамблеядан кузатувчилар гуруҳини шакллантириш якунланганини маълум қилди.
Унинг таркибига Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентлари вакиллари, МДҲ ПА расмийлари ва МДҲ ПА Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти экспертлари кирмоқда.
Гуруҳ мувофиқлаштирувчиси этиб Беларусь Республикаси Миллий Ассамблеяси Кенгаши аъзоси Сергей Рачков тайинланди.
Қайд этилишича, 27 апрелдан 1 майга қадар қисқа муддатли мониторинг босқичида МДҲ ПА кузатувчилари гуруҳи Тошкент ва вилоятлардаги сайлов участкаларида бўлади.
Шунингдек, кузатувчилар Олмаота, Боку, Бишкек, Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Владивосток, Ростов-Дон, Новосибирск, Минск, Рим, Лондон, Париж, Пекин ва Сеулдаги референдум участкаларида ҳам бўлишади.
© t.me/CISLive
Ўзбекистон томони қайд этишича, бугунги кунга қадар 10 минг 758 референдум участкаси тузилиб, комиссияларда 117 минг киши фаолият юритмоқда. МСК раҳбарининг сўзларига кўра, референдум ўтказиш бўйича 400 дан ортиқ участкалар видеокузатув билан жиҳозланади.