Рамазон ҳайитига ҳам бир неча кун қолди. Ушбу муқаддас байрам арафасида Sputnik мусулмонлар учун суннат бўлган амаллар ҳақидаги маълумотларни жамлади.
Рамазон ҳайити суннатлари
Агар Рамазон ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки Имом Бухорий ҳазратлари Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқ ҳолда ер эканлар (аммо Қурбон ҳайитида бўлса, ҳеч нима емасдан чиқилади).
Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳурдир.
Чиройли, янги, ювилган кийимларни кийиш.
Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш вожибдир. Ушбу фитр садақасини намоздан олдин адо қилса ҳам жоиздир.
Ҳайит намозига эрта бориш. Яъни масжидга эрта бориб, ҳайит намозига шай туриш, хутба ва маърузаларга қулоқ тутиш савобли амал ҳисобланади.
Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Зотан бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради.
Ёр-дўстларни ҳайит билан муборакбод этиш. Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади.
Болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, боғларга ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Рамазон ҳайити одоблари
Рамазон ҳайити — барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Ҳайит кунлари – ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир.
Бу дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади. Ҳайитда сайилгоҳларга чиқиш, қавму қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб, шоду хуррамликлар янада зиёда бўлади.
Ҳайит жамият аъзолари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари эзгу амаллар кунидир.
Яна шуни ёдда тутиш лозимки, ҳайитни – байрам, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуои хайрлар қилиш яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Рамазон ҳайити қачон бўлади?
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши Рамазон ҳайити санасини астрономик белгиларга асосланган ҳолда байрам арафасида (20 апрель куни) эълон қилади.
2023 йилда Рамазон ойининг бошланиш санаси 23 март кунига тўғри келган эди. Одатий ҳисобга кўра 21 апрель рўзанинг сўнгги 30-куни ва 22 апрель Рамазон ҳайити кунига тўғри келади.
Ўзбекистонда ҳайит куни дам олиш ҳисобланади ва президентнинг алоҳида қарори билан эълон қилинади.