ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ҳиндистоннинг Гужарат штатида жорий йил кузда бўлиб ўтадиган маданият ва рақс фестивалида Андижон вилояти маданий-гуманитар салоҳияти тақдим этилади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ҳиндистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Азиз Маҳсумов бошчилигидаги делегация Гужарат штати туризм ва маданият ишлари вазири Мулубай Хардашбай Бера ва туризм вазири ўринбосари Харит Шукла билан учрашди.
Учрашувда Андижон вилояти ва Гужарат штати ўртасида туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, соҳа мутахассислари учун ўқув курслари ташкил қилиш, ҳиндистонликларни Ўзбекистон, жумладан, Андижон ҳақида кенгроқ билим ва ахборотга эга бўлишига қаратилган ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йил октябрь ойида Гужаратда ташкил этиладиган маданият ва рақс фестивалининг бир кунини Андижон вилоятининг маданий-гуманитар, жумладан, туризм салоҳиятига бағишлашга келишиб олинди.
Гужарат олий таълим департаменти раҳбари Мукеш Кумар билан икки ҳудуддаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Гужаратда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ йирик туристик компания ва уюшмалар учун Андижон вилоятининг туризм салоҳияти тақдим қилинди. Делегациянинг амалий сафари давом этмоқда.