Қандай ҳолатларда бола туғма юрак нуқсони билан дунёга келади — мутахассис жавоби

Шифокор туғма юрак нуқсони касаллигининг келиб чиқиши, унга қандай омиллар сабаб бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Бола туғма юрак нуқсони билан дунёга келишининг асосий 6 та сабаби бор, дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳакимжон Абролов.
Шифокор туғма юрак нуқсони касаллигининг келиб чиқиши, унга қандай омиллар сабаб бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб берди. Қайд этилишича, юракнинг туғма нуқсонлари янги туғилган чақалоқлар ва ҳаётининг биринчи йилидаги болалар ўлими бўйича юқори ўринда туради.
Хасталик ривожланишининг асосий 6 та сабаби бор.
Улар қуйидагилардан иборат:
Стресс;
Онанинг сурункали ёки ўткир инфекцияли касалликлари;
Ввирусли хасталиклар;
Нормонал ва нейрогуморал факторлар;
Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ.
Шунингдек, ҳомиладор аёллардаги анемия, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, баъзи дорилардан фойдаланиш ҳам ҳомиланинг соғлом ривожланишига салбий таъсир этиши, натижада, бола туғма нуқсонлар билан дунёга келиши мумкин.
Касалликка чалинган болаларда бир неча симптомлар кузатилади:
Лаблар, қулоқлар ва тирноқ остидаги терининг кўкариши;
Терлаш;
Юракда шовқин;
Тез нафас олиш;
Чарчоқ;
Иштаҳанинг пастлиги;
Тана вазни ортишининг сустлиги;
Нафас олиш пайтида қовурғаларнинг сиқилиши;
Юракнинг тез уриши.

"Унинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал бўлажак ота-она тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиши ва аниқланган хасталиклардан тўлиқ даволаниши лозим. Бунинг энг самарали йўли ҳомиладор аёлларни скрининг кўригига ўз вақтида жалб этишдир", дейди шифокор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, шу кунларда туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган 2 минг нафар бола давлат томонидан ажратилган 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига юқори технологик операциялар орқали оғир дарддан халос бўлмоқда. Уларнинг барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари.