Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқлангани рад этилди

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ва ўрганишлар олиб борди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқланмаган. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, телеграм тармоғидаги бир нечта янгиликлар каналида “Огоҳ бўлинг: Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқланди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга Қозоғистон телеканалининг “24KZ” телеканали орқали намойиш этилган лавҳа асос бўлди.
Агентлик томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ва ўрганишлар олиб борилди.
Дастлабки натижаларига кўра Қозоғистон томони Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси ва бошқа карантин касалликлар аниқланганлиги юзасидан маҳсулотларни орқага қайтариш ҳолати кузатилмаган ва эътирознома жўнатмаган.
“Ушбу тарқалган хабарга изоҳ берган фитосанитария хизматининг Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудий инспекцияси раҳбари И.Бегасилов помидор жигарранг вируси аниқланиш ҳолати юзасидан импорт бўлган 43 тонна помидор маҳсулотида айнан Ўзбекистондан юкланган маҳсулотида хавфли вирус қайд этилмаганини телефон мулоқотида тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мамлакатдан помидор экспорти бўйича Агентлик томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида импортер давлатларнинг фитосанитария талабларига мувофиқ жами 24 147 тонна помидор маҳсулотига халқаро фитосанитария сертификати берилган.
Импортер давлатларнинг карантин хизмати томонидан номувофиқлик ҳолатлари аниқланганлик юзасидан эътироз ҳолати қайд этилмаган.