САМАРҚАНД, 14 апр — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев Самарқандда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишида иштирок этиш учун етиб келишди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Бироздан сўнг Самарқанддаги Конгресс-холлда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва МДҲ делегациялари иштирокидаги МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бошланади.
Учрашув иштирокчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиши, МДҲ форматидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Вазирлар МДҲ доирасидаги кўп босқичли ТИВлараро маслаҳатлашувлар режаси ва 2022 йилда Ҳамдўстлик мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги шерикликни фаоллаштириш бўйича Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш якунларини сарҳисоб қилиш ниятида.
Улар вужудга келаётган геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда Ҳамдўстлик мамлакатларида ҳам, унинг чегаралари периметри бўйлаб ҳам хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни режалаштирган.