ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Ҳунарманд микромаркази” ишга тушди. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Республика ҳунарманд уюшмаси маълум қилди.
© Ассоциация "Хунарманд"
Қайд этилишича, Кулолчилик маҳалласида жойлашган 4 та бўш турган бино электрон аукцион орқали ҳунармандларга ижара ҳуқуқи асосида берилди.
“Микромарказда жами 50 дан ортиқ хотин-қизлар ҳунар ўрганиб, иш билан таъминланмоқда. Қувонарлиси, микромарказ ишга тушган жой шаҳарнинг тарихий қисми бўлиб, кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилади”, - деди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова.
Марказда шогирдларга миллий каштачилик, дўппидозлик, сўзана тикиш, тикувчиликнинг бошқа турлари, попирчилик, дизайн, балдоқ ясаш, зардўзлик каби ҳунарлар ўргатилмоқда.
© Ассоциация "Хунарманд"
Микромарказда уста ҳунармандлар учун 25-30 нафардан шогирд тайёрлаш бўйича талаблар ҳам қўйилган. Ҳозирда Шаҳрисабз шаҳар "Ҳунарманд" бошқармаси ташаббуси билан “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳудуддаги 30 дан ортиқ ҳунармандларга 300 нафар шогирдлар бириктирилган.
© Ассоциация "Хунарманд"
Айтилишича, келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам микромарказлар ва савдо уйларини очиш режалаштирилган.