ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Энди дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқароларга арзонроқ кредит олиш имконияти берилади. Бу ҳақда 13 апрель куни президент томонидан қабул қилинган фармонда назарда тутилган, дея хабар берди ЎзА.
Ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш юзасидан янги фармон қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Ипотека кредитларини ажратиш тартиби
Банкларга ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилди. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олиш орқали аниқланади.
Банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаро арзонроқ кредит олиш имконига эга.
Субсидияларни ажратиш тартиби
Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Бунда, фуқаро 4 ойда сертификатдан фойдалана олмаса, у субсидияга қайта ариза топшириши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Халқпарвар комиссияларининг хулосасига асосан хато ажратилган субсидия сертификатларини тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди.