Ғарб Россияга қарши киберқуролнинг янги турларидан фойдаланмоқда — ФХХ

Украина ҳудудидан туриб Россияга уюштирилаётган киберҳужумларда Пентагон ва НАТОнинг қўли бор — Россия ФХХ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ғарб давлатлари Украинанинг компьютер тармоқ инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Россияга қарши киберқуролларнинг янги турларидан фойдаланмоқда, деб хабар берди Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) матбуот хизмати. РИА Новости хабарига асосан.

"Аниқланган компьютер таҳдидларини таҳлил қилиш жараёнида АҚШ ва НАТО мамлакатлари томонидан Украина ҳудудидан туриб, Россиянинг фуқаролик объектларига нисбатан оммавий компьютер ҳужумлари уюштирилгани маълум бўлди. Бунда улар Украинанинг тармоқ инфратузилмасидан фойдаланган. Ғарб давлатлари махсус бўлинмалари янги турдаги киберқуроллардан яширин равишда фойдаланмоқда”, - дейилади хабарда.

Умумий ҳисобда, 2022 йил бошидан буён Россиянинг муҳим инфратузилма объектларига беш мингдан ортиқ хакерлик ҳужумлари қайд этилган. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли салбий оқибатларнинг олди олинган.

“Киберҳужумлар Пентагон қўшма қўмондонлигининг бевосита иштирокида халқаро ("Anonymous", "Silence") ва миллий ("Ghost Clan" — АҚШ, "RedHack" — Туркия, GNG — Грузия, "Squad 303" — Польша) хакер жамоалари ёрдамида амалга оширилган.

Ушбу операцияларда Вашингтон ўз иштирокини яшириш уринмоқда ва ҳаммасига Украинанинг "IT Army of Ukraine" хакерлар гуруҳини кўрсатмоқда. Лекин ФХХ киберҳужумлар буюртмачиларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларга эга.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин февраль ойи охирида ФХХ олдида турган асосий вазифалардан бири - ахборот хавфсизлигини таъминлаш деган эди. Чунки Россияга қарши мисли кўрилмаган миқёсда киберҳужумлар бошланган. 2022 йилда амалга оширилган рақамли ҳужумларнинг аксарияти ахборот ўғирлаш ва технологик жараёнларни бузиш, шунингдек, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган объектлар фаолиятига халақит беришга қаратилган эди.