Референдум — 2023

Сергей Лебедев бошчилигидаги МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистонга келди

МДҲ кузатувчилари миссияси 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Марказий сайлов комисияси раиси Зайниддин Низомхўжаев референдумни кузатиш бўйича МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари Сергей Лебедев билан учрашди.
Қайд этилишича, учрашувда 30 апрель куни ўтказиладиган референдум тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қонунчилик талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, миссия раҳбари референдум жараёнларини кузатиш бўйича МДҲ кузатувчилари миссияси аъзолари таркиби, кузатувчиларнинг мамлакатда фаолият олиб бориш тартиби бўйича маълумотлар бериб ўтди.
Таъкидланишича, миссияси таркиби МДҲга аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва сайлов органлари, шунингдек, МДҲ ҳудудида фаолият юритувчи Ҳамдўстлик органлари ва интеграция бирлашмалари вакилларидан иборат ташкил топди. МДҲ кузатувчилари миссияси томонидан референдум миллий қонунчилигига ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқлиги тўғрисида баёнот тайёрланади.
МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республиканинг бир қатор референдум участкаларида бўлиб, референдум юзасидан ўзининг тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.