Марказий банк картадан пул жўнатмасини бекор қилиш учун Telegram-бот борлигини рад этди

Фуқароларга Марказий банк номидан карта транзакцияларини бекор қилиш учун Telegram-bot’га ўтиш кераклиги ҳақида хабар келмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки фуқароларни карта транзакцияларини бекор қилишга оид фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Қайд этилишича, шу кунларда айрим фуқароларга гўёки картадаги маблағлар фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олиш мақсадида карта транзакцияларини бекор қилиш учун Telegram-bot’га кириш кераклиги ҳақида хабар келмоқда. Бундай хабарларни “Markaziy Bank Uzbekistan” номли фойдаланувчи жўнатмоқда.
Фуқароларга келаётган фейк хабар
Марказий банк мазкур хабар ва бот Ўзбекистон Марказий банкига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.
“Фуқаролардан ушбу хабарларга эътибор бермаслик ва ҳеч қандай ҳаволага кирмаслик сўралади. Фақат расмий манбаларга таяниш тавсия этилади”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Sputnik мухбири ИИВ Киберхавфсизлик маркази бошлиғи билан фирибгарлар чув тушириш учун қандай усуллардан фойдаланиши, уларнинг тузоғига тушмаслик учун нима қилиш кераклиги борасида суҳбатлашган эди.