ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Хорижий тилларни мукаммал ўрганган техникум битирувчиларини ривожланган хорижий давлатларга ишга юбориш мақсад қилинган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Aбдураҳмонов Тошкент шаҳридаги Aбу Aли ибн Сино номли Жамоат саломатлиги техникумида бўлиб, ўқув муассасаси фаолияти, таълим бериш жараёнлари, хусусан, ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатиш масаласи билан танишди.
Суҳбат давомида ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган иштиёқи юқорилиги қайд этилди.
Ҳозирда ушбу техникумда 2396 нафар ўқувчи тиббиёт соҳасида билим олмоқда. Муассаса раҳбарияти томонидан ўтказилган сўровномага кўра, улардан 1600 нафари хорижий тилларни ўрганиш истагида.
Таъкидланишича, техникумда тил ўрганиш лаёқати юқори ва хорижда ишлаш истагини билдирган 60 нафар ўқувчи учун инглиз, немис, корейс ва рус тилларини ўқитиш бўйича курслар ташкил этилган. Вазир хорижий тилни билиш юқори даромадли иш топишда жуда муҳимлиги ҳамда хорижда ишлаб Ўзбекистонга янги тажриба билан қайтиш мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, хорижий тилларни мукаммал ўрганган техникум битирувчиларини ривожланган хорижий давлатларга ишга юбориш мақсад қилинган.