ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншоотида табиий газни сақлаш тизимини тиклаш ишларини бошлади. Бу ҳақда “O‘ztransgaz” хабар берди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қирғизистоннинг Қадамжай туманига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншоотида табиий газни сақлаш тизимини тиклаш лойиҳаси доирасидаги тадқиқотларини ўтказиш учун мавжуд муаммоларни ўрганишдан иборат.
Қирғизистон тарафидан тузилган ишчи гуруҳи билан учрашувда йўл харитасида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш муҳокама қилинди. Ташриф давомида Қирғизистон ҳудудидаги газ қудуқларининг ҳолати кўздан кечирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон томонидан 15 кишидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди. “O‘zLITIneftgaz” АЖ билан биргаликда “Шимолий Сўх” ерости газ сақлаш иншооти қудуқларида дала тадқиқотларини ўтказиш учун техник топшириқ ишлаб чиқилди.
“Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг энергетика вазирлари томонидан "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншоотида табиий газни сақлаш тизимини тиклаш" лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун “йўл харитаси” имзолангани бу борадаги ишларни жонлантириб юборди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида қўшма амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланган.
Учрашувда лойиҳа доирасида амалга ошириладиган навбатдаги қадамлар белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши маълум қилинган эди. "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 миллиард куб метр атрофида. Шундан 1,3 миллиард куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 миллион куб метр газ билан таъминлаш имконияти бўлади дегани.