ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Екатеринбургда ўтказилган “Мода ҳафталиги”да ўзбек миллий матоларидан тикилган либослар намойиш этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Екатеринбургда “Мода ҳафталиги” лойиҳасининг 18-мавсуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Рязань шаҳридаги “Алмаз” ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Зулайҳо Қодирова бошчилигида асли ўзбекистонлик дизайнерларнинг иштироки ташкил этилди. Ҳафталик доирасида миллий ўзбек адраси, шойи ва хонатласдан тикилган бежирим кийимлар намойиш этилди.
© "Дунё" АА
Таъкидланишича, ўзбек диаспораси вакиллари томонидан тикилган кийимлар ўзининг бичими, мавсумийлиги, танланган матоларнинг юқори сифати билан алоҳида ажралиб турди ҳамда ҳафталик иштирокчилари ва меҳмонларининг олқишига сазовор бўлди.
Ўзбекистон диломатларининг “Мода ҳафталиги” ташкилотчилари билан ўтказган музокаралари натижасида Ўзбекистон дизайнерларининг ушбу тадбирнинг навбатдаги мавсумида иштирокини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.