ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Россиянинг мамлакатдаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Умурзоқов Ўзбекистон ва Россиянинг ҳозирги муносабатлари ривожланиши суръатларига давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан ўрнатилган самарали мулоқот мустаҳкам замин яратганини таъкидлади.
Шунингдек, пойтахт ҳокимлиги Россия бизнесининг Тошкентдаги иштироки ва ривожини қўллаб-қувватлашини, рақамлаштириш, туризм, илм-фан, тиббиёт, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги барча таклиф ва лойиҳаларни батафсил ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Мальгинов ўзаро иқтисодий, савдо, сиёсий ва бошқа алоқаларнинг фаол ривожланиши жараёнида Ўзбекистон пойтахти билан Россия ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини айтди.
Энергетик инфратузилмани янгилаш ва ривожлантиришда Россия корхоналарининг қизиқишини алоҳида таъкидлади. Бу йўналишдаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар 24-26 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "Иннопром Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси юқорида қайд этилган мақсадлар учун қулай майдонга айланишига ишонч билдиришди.