ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Тошкент ирригация-дренаж тизимини таъмирлаш учун 700 млн сўм ажратилади. Пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов 7 апрель куни тегишли қарорни имзолади.
"Тошкент шаҳрида ёғингарчилик даврида сув тошиши каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дренаж ва коллекторларни (ирригация тизимини) таъмирлаш ва бетон қувур ётқизиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар учун 700 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилсин”, - дейилган қарор матнида.
Бу маблағ пойтахт бюджетининг захира фондидан ажратилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, апрель бошида ёққан кучли ёмғир Тошкент кўчаларини сув босишига сабаб бўлганди. Пойтахт ҳокимлиги бунга лотоклар бир пайтнинг ўзида катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмаганини сабаб қилиб кўрсатган эди.