Сенат оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонунни маъқуллади

Хотинига ёки эрига нисбатан содир этилган зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиш учун сабаб бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонда оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади. Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида тегишли қонун кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун бугунги кунда хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
“Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ бу қонунни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маъқуллаган эди. Энди Сенат қабул қилган қонунни президент имзоласа, у қонуний кучга киради.