ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. НАТО кучнинг муқобил марказлари пайдо бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб ва ўзининг глобал роли ва Евроатлантика ташқарисига чиқиш зарурлиги ҳақида тез-тез гапириб, дунёни хавфлироқ қилишга уринмоқда. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди ва алянснинг “пенсияга чиқиш пайти келганини” қўшимча қилди.
Шу тариқа Захарова куни кеча алянснинг 74 йиллигига бағишланган ТИВ раҳбарлари даражасида бўлиб ўтган НАТО Кенгаши мажлисига муносабат билдирди.
“Алянс бош котиби Йенс Столтенберг алянснинг глобал роли борасида бот-бот баёнот бермоқда <...>. Бари Ғарб гегемониясига путур етказишга қодир кучнинг муқобил марказларининг мавжуд бўлишига йўл қўймаслик учун, дунё янада хавфлироқ бўлиши учун қилинмоқда. Умуман олганда, ишонч билан қайд этиш мумкинки, хавфсизлик ва НАТО – бир-бирига зид нарсалар. Шу муносабат билан фақат бир хулоса келиб чиқади – 74 ёшида Шимолий Атлантика блокининг пенсияга чиқиш пайти келган”, - дейилади Россия ТИВ эълон қилган Захарова баёнотида.
Россия ТИВ расмий вакилининг фикрича, НАТО унга Финляндия қўшилиши орқали “Европа хавфсизлигининг бутун тизимини зўрлик билан тортиб олишга” ҳаракат қилмоқда.
“Шимолий Атлантика алянсининг галдаги қурбони ҳукумати унинг фронт олдидаги ҳудудига – шимоли-ғарбий йўналишда Россияни тийиб туриш учун майдонга айланиш эвазига ўз мамлакатининг кўп йиллик бетарафлиги билан хайрлашишга қарор қилган Финляндия бўлди”, - дея қўшимча қилди Захарова.