ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ҳар бир шаҳар ва туманда ҳаво тозалигини кузатиб борувчи автоматик станциялар ўрнатилади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳузурида 6 апрель куни бўлиб ўтган табиатни муҳофаза қилишга бағишланган мажлисда маълум бўлди.
Шунингдек, туман раҳбарлари фаолиятининг экология соҳасидаги самарадорлиги ушбу кузатишлар натижасига қараб белгиланади.
"Ҳар бир туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. Шунга асосан, ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо бериб борилади", - дейилади хабарда.
Об-ҳавони кузатиш соҳасида автоматлашган метеорологик станцияларни кўпайтириш, гидрологик ўлчов ускуналарини автоматлаштириш, агрометеорологик хизмат бўйича мобиль иловани ишга тушириш чоралари белгиланди.
Шавкат Мирзиёев провел собрание посвященное вопросам экологии
© Пресс-служба президента Узбекистана
Мажлисда қайд этилишига кўра, келгуси йилларда Ўзбекистонда замонавий технологиялар ёрдамида чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилади. Хусусан, Оҳангарондаги полигонда чиқиндидан 15 Мегаватт электр энергияси олиш лойиҳаси бошланган. Президент ушбу лойиҳани бошқа полигонларда ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги ўрмон хўжалигида дарахт билан қопланган ҳудудлар атиги 8 фоиз эканини ҳисобга олган ҳолда, чўлларда 221 минг гектар, тоғ ҳудудида 15 минг гектар ўрмонлар барпо қилишга имконият борлиги қайд этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўрмончилик соҳасини ривожлантиришга кўрсатма берилди.
Ундан ташқари, табиат масканларига сайёҳларни жалб қилиш, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш учун питомниклар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг эвазига экотуризмни, ов хўжаликларида овчилик туризмини ривожлантириш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Мажлисда Шавкат Мирзиёев сув, ҳаво, ер ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, сув тозалаш иншооти стандартга жавоб бермайдиган корхоналарда оқова учун компенсация тўловини ошириш таклифи билдирилди. Ўзбекистонда бундай корхоналар сони 500 зиёд экани айтиб ўтилди.