ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Референдумда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан (МДҲ) иштирок этувчи 20 га яқин халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) доимий аъзоси Гулноза Раҳимова Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, МСК Ўзбекистон Республикасининг референдумини кузатишда иштирок этиш учун бир қатор халқаро ташкилотларга таклифномалар юборган..
“Одатда кенгайтирилган таркибда иштирок этадиган халқаро кузатувчилар миссияларидан бири бу МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси вакиллари ҳам референдумни кузатиш учун таклиф этилди”, - дейди Раҳимова.
МДҲ Кузатувчилари миссиялари таркибига МДҲга аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва сайлов органлари, шунингдек, МДҲ ҳудудида фаолият юритувчи Ҳамдўстлик органлари ва интеграция бирлашмалари вакилларидан иборат халқаро кузатувчилар кириши мумкин.
МДҲ кузатувчилари миссиялари томонидан референдум миллий қонунчилигига ва референдум ўтказувчи давлатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқлиги тўғрисида баёнотлар тайёрланади.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссия томонидан хорижий давлатлар сайлов органларига, хорижий сиёсий ва жамоат арбобларига, илмий жамоатчилик вакилларига референдумни кузатишда иштирок этиш учун ҳам таклифномалар юборилди.
Бугунги кунгача МСК томонидан 26 нафар халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан референдумни кузатиши учун 26 нафар ҳалқаро кузатувчиларни аккредитация қилиш бўйича тақдимномалар киритилди.
Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси МДҲ Ижроия қўмитаси референдумни кузатиш бўйича миссиясидан 8 нафар, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг референдумни кузатиш бўйича миссиясидан 10 нафар кузатувчиларни аккредитациядан ўтказди.
Шунингдек:
Грузия Марказий сайлов комиссиясидан - 3 нафар;
Озарбайжон Марказий сайлов комиссиясидан - 2 нафар;
Индонезия ва Нидерландия давлатларидан бир нафардан кузатувчилар ҳам аккредитациядан ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли тасдиқлангани хабар қилинган эди. 30 апрель куни республика Конституциясига ўзгартиришлар киритиш масаласи бўйича референдум бўлиб ўтади.