ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Германия суғурта компаниялари шикастланган “Шимолий оқим” газ қувурини суғурталашни қайта тиклади, деб хабар бермоқда "Reuters". РИА Новости хабарига асосан.
Германиянинг "Allianz" ва "Munich Re" суғурта компаниялари Россия назоратидаги шикастланган “Шимолий оқим” газ қувурини суғурталашни қайта тиклади.
Агентлик суҳбатдошларидан бири таъкидлаганидек, суғурта инфратузилмага етказилган жисмоний зарарни ҳам, фаолиятнинг тўхтаб қолиши натижасида келиб чиққан иқтисодий камомадни ҳам қамраб олади. Суғуртанинг мавжудлиги Болтиқ денгизи орқали Европага газ етказиб беришни тиклаш учун зарур бўлган таъмирлаш ишларини ҳам осонлаштиради.
Манбалардан бирига кўра, Германия ҳукумати суғуртага эътироз билдирмаган. Бошқа суҳбатдошларнинг қайд этишича, “Шимолий оқим”нинг немис акциядорларининг бир қисми Москва билан муносабатлар яхшиланса, қувурни сақлаб қолиш тарафдори.
Шу билан бирга, немис истеблишментининг кўп сонли вакиллари ойиҳанинг қайта тикланишига ишонмайди, деб ёзади нашр.
Ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида Болтиқ денгизи туби бўйлаб ётқизилган Россиянинг “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” экспорт қувурлари портлаш туфайли ишдан чиққан эди. Швеция, Дания ва Германия суриштирув ишларини олиб бормоқда, аммо ҳозирча аниқ натижаларга эришмаган. Америкалик журналист Сеймур Херш ушбу ҳодисада АҚШ махсус хизматли қўли борлигини таъкидловчи бир неча мақолалар эълон қилган эди.
Россия ҳукумати ушбу ҳодисани халқаро террорчилик ҳаракати деб атаган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро ҳамжамият томонидан холис тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.