Ўзбекистон ва Венгрия махсус инвестиция жамғармасини ташкил этади

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов венгриялик ҳамкасби билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида устав капитали 50 миллион евро бўлган махсус инвестиция жамғармаси яратилади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Венгрия Иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Наджи билан онлайн музокаралар ўтказди. Суҳбатда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва келгусидаги чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Венгрия томони Тошкент вилоятида паррандачилик кластерини яратиш ниятини тасдиқлади. Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Қорақалпоғистонда қизилмияни қайта ишлаш мажмуасини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, икки томонлама тадбирларни ўтказиш бўйича истиқболдаги режалар муҳокама қилинди, хусусан, Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини 22-23 май кунлари Будапешт шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.