ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, учрашувда юқори технологиялар, сунъий интеллект, рақамлаштириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари, ҳудудларнинг савдо-инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари ушбу йўналишлар бўлажак олий даражадаги икки томонлама саммит кун тартибининг асосини ташкил этиши лозимлигини қайд этди.
Бундан ташқари, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бошқарувда профессионал кадрларни ва дастурчиларни тайёрлаш, электрон ҳукуматни жорий қилиш йўналишларида ва бошқа соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Учрашув сўнгида Мирзиёев жорий дастурларни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни тайёрлашни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни янгилаш юзасидан топшириқлар берди.
Якунда вазир ал-Гаргавийга Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга қўшган катта ҳиссаси ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун давлатнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени топширилди.