ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. “Дунё” ахборот агентлиги хорижда жойлашган референдум участкалари манзилларининг электрон харитасини эълон қилди. Унда овоз бериш ўтказиладиган энг яқин участканинг аниқ жойлашуви кўрсатилган.
Бундан ташқари, референдум қонунчилигига оид мобил илова ишга туширилди. Унда сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, овоз бериш жараёнига оид барча маълумотлар келтирилган.
Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та участка очилиши ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш масаласи бўйича референдум бўлиб ўтади.