ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон ёзмоқда.
Таъкидланишича, вазирнинг Самарқандга сафари апрель ойи ўрталарига мўлжалланган.
“Сирожиддин Муҳриддиннинг Тожикистон делегацияси билан биргаликда ташрифи 13 апрель куни бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясининг Афғонистон бўйича вазирлар учрашувидаги иштироки билан боғлиқ”, - дейилади хабарда.
Маълумки, музокаралар МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши арафасида бўлиб ўтади. Маълумотларга кўра, афғон муаммоси муҳокамасига Хитой ва Покистон вакиллари қўшилиш ниятида.
Учрашувдан мақсад Афғонистонга гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий масалаларда ёрдам кўрсатиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.